11:24:22 ABUTURENT 2011 | |
Бу кунларнинг қадрини туни билан мижжа қоқмай китоб варақлаётган, бор имкониятини тез орада талаба бўлиш учун сарфлаётган ёшлардан сўранг. Чунки, ёз фасли айрим ўқувчи ва талабалар учун “катта танаффус” бўлса, битирувчилар учун ҳақиқий синов даври саналади. Ҳозир улар учун ҳар бир дақиқа ғанимат. Хўш, бу йилги олий ўқув юртларига қабул жараёни қандай боряпти? Кириш имтиҳонлари бўйича янги қонун-қоидалар, ўзгаришлар борми? Шулар ҳақида сўз юритамиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 4 июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Олий таълим муассасаларига 2011-2012 ўқув йилида қабул тўғрисида”ги Қарори кўпчилик ота-оналар, ўқитувчилар ва талаба бўлиш орзусида юрган ёшлар томонидан қизғин қабул қилинди. 2011-2012 ўқув йилида бакалавр таълим йўналишига жами 56607 нафар талаба қабул қилиниши белгиланган. Шундан 35 фоизи, яъни, 19560 нафари давлат гранти, 65 фоизи, яъни, 37047 нафари эса тўлов-контракт асосида олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинади. 5880 нафар магистр қабули белгиланган бўлса, уларнинг 27 фоизи, яъни, 1566 нафари давлат гранти, 73 фоизи, яъни, 4314 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Маълумот учун * Ўтган 2010 йилда юртимиздаги олий ўқув юртларига ҳужжат топширган 385,6 минг нафар абитуриентлардан 56,6 минг нафари талаба бўлиш бахтига мушарраф бўлганлар. Республика миқёсида бир ўринга 7 киши тўғри келган. * 2010/2011 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларида талабанинг бир йиллик ўқиш давридаги тўлов-контракт суммасининг ўртача қиймати 2 691 000 сўмни ташкил этган. Ушбу сумманинг бу йилги қиймати бўйича ҳозирча ўзгариш йўқ (изоҳ: бу ерда 2011 йилнинг 6 июл ҳолати олинган). * Муддатли ҳарбий хизматдан бўшаш чоғида олий таълим муассасаларига кириш учун тавсияномалар олган ҳарбий хизматчилардан умумий қабул квотасининг 20 фоизини қабул қилиш белгиланган. Ҳарбий тавсияномага эга абитуриентга имтиёзли равишда тест синовларида тўпланадиган энг кўп баллнинг 25 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш (яъни, энг юқори балл 226,8 бўлса, унинг 25 фоизи 56,7 балл бўлади) тартиби сақланиб қолган. (Қабул қилиш тартиби ва қоидалари алоҳида бўлган халқаро мақомдаги олий таълим муассасалари ва хорижий олий таълим муассасаларининг филиаллари бундан мустасно). “ШПАРГАЛКА” ЁРДАМ БЕРАДИМИ? Рамкада Эслатиб ўтамиз: Тест синовларига * микрокалькулятор; * луғат; * китоб; * уяли телефон; * “шпаргалка”лар олиб киришни хаёлингизга ҳам келтирманг. Шу каби барча салбий ҳолларда абитуриент тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва далолатнома тузилиб, тест синовларидан четлаштирилади. Абитуриентлар орасида имтиҳон олди кўпаядиган “экс-вариант”ларга суянадиганлари ҳам бор. Хўш, “шпаргалка” аслида кимларга ёрдам беради? Унга ишонишнинг ўзи тўғримикин? Шуҳрат Сатторов (талаба): — Ўтган йилларда икки йил ўқишга топшириб, “шпаргалка” билан имтиҳонга кирдим. Бу менга икки йил ҳам панд берди. Уни сотиб олган пулимга куйишим билан ота-онамни ҳам оғир аҳволга қўйдим. Ҳозир бундан жуда афсусланаман. Ўтган йили эса ҳеч қандай “экс-вариантлар”га суянмай, ўз билимимни бир синаб кўриш учун топшириб, контракт-тўлов асосида ўқишга қабул қилиндим. Ҳозир 1-курсни тугатдим. Имтиҳонга кираётган абитуриентларга тавсиям, фақат ўз билимингизга суянинг. Чунки, мен ҳалигача ҳеч кимдан “Шпаргалка” менга ёрдам берди”, деган гапни эшитмаганман. Биз суҳбатда бўлган бир неча ота-оналар эса “шпаргалка”га умуман ишонмаслигини айтишди. Олимжон Маматов (Қашқадарё): — Ўзингиз ўйланг, фарзанди учун “шпаргалка” сотиб олаётган ота-она ўзича унинг келажаги учун қайғуряпман, деб ўйлайди. Аслида эса бу мутлақо нотўғри. Майли, сиз қўлингиздаги фалон пулга сотиб олинган “шпаргалка” билан ўз муаммонгизни бир марта ҳал қилишингиз мумкиндир (агар, у сизга ҳақиқатан ҳам ёрдам бера олса.) Лекин, фарзандингиз ҳаётда бир умр қўлида “шпаргалка” билан юра олмайди-ку! Ундан кўра, фарзанди ўқишга топширган ота-она унинг билимларини назорат қилиши, тайёргарлик жараёнида яхши шароит яратиб бериши керак. Қуйида ана шундай ота-оналар учун бир неча тавсиялар келтирамиз. Унга амал қилсангиз, фарзандингизнинг талаба бўлиш учун имкониятлари кенгайишига ҳақиқатдан ҳам ёрдам берган бўласиз. ОТА-ОНАЛАР УЧУН Имтиҳон олди даври жуда ҳаяжонли… Бундай вақтда ота-оналар иштироки ниҳоятда муҳим. Биринчи навбатда фарзандингизга ўз қобилиятини намойиш этишда кўмаклашишингиз керак. Бунинг учун сиз уйда яхши шароит яратиб беринг. Фарзандларни ортиқча юмушлар билан чалғитмаслик, уларни имкон қадар руҳлантириш керак. Бу унинг янги маълумотларни қабул қилиш имкониятини кенгайтиради. Машғулот ва дам олиш кетма-кетлигини яратиш керак. Чунки, кун бўйи узлуксиз имтиҳонга тайёрланиш яхши натижа бермаслиги мумкин. Кечки сайрларга бирга чиқинг. Фарзандингизга ўзингиз қандай қилиб имтиҳон топширганингиз, ҳаяжонни босиш учун нималар қилганингиз тўғрисида гапириб беринг. Бу уни қўллаб-қувватлашда яхшигина натижа беради. Сарвар Сафаров Манба: darakchi.uz | |
Категория: Abuterintlar | Просмотров: 1381 | |