11:22:16 ҚАНДАЙ КИР ЮВИШ КУКУНИНИ ТАНЛАГАН МАЪҚУЛ? | |
Кир ювиш воситаларини танлаётганда нафақат унинг сифати, балки фойдаланувчи саломатлигига безарар эканлигини ҳам ҳисобга олиш керак. Афсуски, кўпгина уй бекалари кир ювиш кукунининг ёрлиғига, унинг ҳидига эътибор беришади-ю, кукуннинг таркиби ва тури ҳақида ўйлаб ҳам кўришмайди. Кир ювиш кукуни кимёвий элементлардан ташкил топган бўлиб, унинг асосий қисмини кислоталар ташкил этади. Гоҳида фойдаланувчининг эътиборсизлиги сабаб ювилаётган буюмга ёки ювувчининг саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Кир ювиш кукунлари 3 турга бўлинади: Универсал кукунлар: исталган турдаги газлама ва жун маҳсулотларини кир ювиш машинасида ва қўлда ювиш учун мўлжалланган. Унинг таркибидаги кимёвий элементлар барча майда доғларни кетказишга қодир. Шунинг учун бу турдаги кукунлар бошқаларидан бир поғона баланд туради. Автомат кукунлар: махсус оқартирувчи моддалар бўлса-да, у кўпиртириш хусусиятига кўра бошқаларидан пастроқ ўринда туради. Мазкур тур фақат кир ювиш машиналари учун мўлжалланган. Бу кукун билан ёрқин рангдаги юпқа ипаклар ва ипак газламаларини ювмаганингиз маъқул. Унда қўл ёрдамида кир ювишингизни ҳам тавсия этмаймиз. Чунки у терингизни қуритиши ёки шикаст етказиши мумкин. Қўлда ювиш учун мўлжалланган кукунлар: бундай кукун ёрдамида нозик матоларни ювишингизни тавсия этамиз. У матонинг рангини чиқармайди, матодаги мураккаб бўлмаган доғларни кетказади. Эътибор беринг! Ёрлиқда “био” деб ёзилган кукунлар бошқаларига нисбатан анча кучли саналади. Унинг ёрдамида соус, кофе, чой, ёғ ва мева доғларини кетказиш мумкин. Синтетик ва қалин газламаларни кукун билан ювишда совуқ сувдан фойдаланинг. Ҳатто бундай матони кир ювиш машинасида ювсангиз ҳам, сувни иситишингиз шарт эмас. Биоқўшимчалар (яъни лимон суви, сирка ва туз) ёрдамида табиий ипак, жун ва табиий толалардан ташқари барча матоларни ювишда фойдаланишингиз мумкин. Хушбўй ҳидли кукун танлаётганда ҳам эътиборли бўлинг. Болалар кийимларини мева исли кукунлар билан ювганингиз маъқул. Чойшаб ва сочиқларни эса тоғ ҳидлари ёки кучсиз гул ҳидли кукунларда ювинг. Чунки бундай ҳидлар ҳар қандай шароитда ҳам ғашингизни келтирмайди. Агар сиз биоқўшимчали кир ювиш кукунини сотиб олсангиз, уни ишлатиш давомида хоҳ кир ювиш машинасида бўлсин, хоҳ қўлда, албатта, резина қўлқопдан фойдаланишни унутманг! Акс ҳолда, қўлингиз қуруқлашиши ва пўст ташлаши, аллергик реакциялар келиб чиқиши мумкин. Шуни ҳам эсдан чиқарманг: кир ювиш кукунининг таркиби қанчалик мураккаб бўлса, унинг инсон соғлигига таъсирини билиш шунчалик қийинлашади. Кир ювиш кукунларининг кўпчилигида аллергик касалликларни қўзғовчи моддалар мавжуд. Шунинг учун уларни болалар қўли етмайдиган ерда сақланг. Кукун доначалари кўз, қулоқ, бурун ёки оғизга тушганда, зудлик билан совуқ сувда чайиб ташланг. | |
Категория: Uy Bekalari Uchun Maslahatlar | Просмотров: 481 | |