08:05:08 Чекишни ташлашнинг 5 усули | |
![]() 31 май — Кашандаликка қарши курашиш куни Кашандаликдан қутилиш учун кўп ҳаракат қилдим, лекин қўлимдан келмади. Балки мутахассислар тавсиясига кўра иш қилганимда осонроқ воз кечган бўлармидим деган фикрда таҳририятга мактуб ёзяпман. Чекишни ташлаш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берсангиз. Дилшод Бўриев. Қарши КАШАНДАЛИК: ФАҚАТ ЎПКА ЗАРАРЛАНАДИМИ? Саволга пульмонолог, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Наима Убайдуллаева жавоб беради: — Тамаки тутуни таркибида соғлиқ учун зарарли 4 минг хил модда мавжуд. Цистон, водород сульфид, нитробензол, ацетал альдегид, ахромин сингари кимёвий моддалар шулар жумласидандир. Тамаки япроғи ва илдизида бўладиган никотин бирикмаси улар орасида энг заҳарли ҳисобланади. Агар 100-200 мг. никотин томир орқали танага юборилса, одам шу ондаёқ ҳалок бўлиши муқаррар. Ваҳоланки, шунча миқдордаги никотин бор-йўғи икки қути сигарет таркибида мавжуд экан. Тамаки чекканда никотин тутун билан бирга нафас йўлига кириб, шиллиқ пардаларга тез сўрилади ва одамнинг нафас аъзоларига зиён етказади. Шу туфайли марказий ҳамда периферик нерв тизими фаолияти ўзгариб, бош миядаги нафас маркази заифлашади, ўпка томирлари ишдан чиқади, бронхлар ва ўпкада сурункали яллиғланишлар юзага келади. Ҳатто уларда ўсмалар пайдо бўлиши ҳам мумкин. Шунингдек чекилаётган тамаки тутуни фақат ўпкани зарарлабгина қолмай, балки бошқа аъзолар ишига ҳам зиён етказади. Оқибатда сурункали гастрит, лаб, тил, қизилўнгач саратони, сийдик йўллари, асаб ва юрак томир хасталиклари пайдо бўлади. ОҲ, БУ РАҚАМЛАР... Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига кўра ҳар йили 3 миллиондан ортиқ киши кашандалик туфайли ҳаётдан эрта кўз юмаркан. Яъни, ҳар 13 сонияда бир киши, ҳар дақиқада эса беш киши кашандалик оқибатида нобуд бўлмоқда. Биргина 2000 йилда сайёрамизда 4 миллион чекувчи одамнинг бевақт ўлими қайд этилган. Кашандалик эпидемияси муаммоларига нисбатан бефарқлик бартараф этилмаса, 2030 йилга бориб йилига 10 миллионга яқин одам бу офат қурбонига айланишини олимлар таъкидлашмоқда. Эътибор беринг, 2005 йилда бизнинг давлатимиз бюджетидан 20,4 миллиард сўм маблағ ёки Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги умумий ҳаражатининг 6,65 фоизи кашандалик туфайли юзага келган дардларни даволашга сарфланган! ДИҚҚАТ ҚИЛИНГ, ХАВФ ЯҚИН! Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларини келтирамиз. Унга кўра тамаки чекиш 90 фоиз ҳолларда ўпка саратони, 15-20 фоиз ҳолатларда онкологик касалликлар, 75 фоиз ҳолларда бронхит ва ўпка эмфиземаси, 25 фоиз ҳолатда эса юрак-томир ва бошқа касалликларга олиб боради. Хорижда олиб борилган тадқиқотлар натижаларида таъкидланишича: - 6 ой мобайнида кашандаларнинг 43 фоизи чекишни ташлашга ҳаракат қилган, лекин 1,8 фоизи буни уддалаган, холос. - 72 фоиз аёл (ҳомиладорлик даврида чекишни ташлаган бўлса-да) туққанидан кейин яна чекишни бошлаган. - ўпка саратони билан оғриган 50 фоиз бемор ва ҳиқилдоқ саратони бор 40 фоиз бемор чекишдан воз кечишни ташлашни хоҳлашган бўлса-да, операциядан кейин яна давом эттиришган. ЧЕКИШНИ ТАШЛАМОҚЧИМИСИЗ... Дунё психологлари кашандаликдан халос бўлишни истаганларга қуйидаги бешта фойдали маслаҳатни берадилар. Биринчи маслаҳат: бир варақ оқ қоғоз олиб, унга нима учун чекишни ташлашга қарор қилганингизни ёзиб чиқинг. Соғлигингиз ҳақида қайғура бошладингизми? Пулингизни тежаш лозимлигини ўйлаб қолдингизми? Ақлий қобилиятингизни оширмоқчимисиз? Спорт билан шуғулланмоқчимисиз? Иккинчи маслаҳат: жисмоний машқлар кўлами ва миқдорини мунтазам ошириб боринг. Кунига 3-5 километр очиқ ҳавода сайр қилиш, бадан тарбия, сузиш билан шуғулланиш, организмни чиниқтириш, ерда яланг оёқ юриш ва бошқа машғулотлар сиз учун жуда фойдалидир. Учинчи маслаҳат: чекишни ташлаш даврида қаттиқ хумор тутадиган пайтларни қоғозга ёзиб қўйинг: нонуштадан сўнг, ишни бошлашдан аввал, ишни тугатгандан кейин ва ҳоказо. Ҳар қандай шароитда ҳам иродали бўлинг, қоидага риоя этишга ҳаракат қилинг. Қачондир хумор тутмаса, яъни чекишга жуда кучли эҳтиёж камайса, қоғоздаги рўйхатдан тегишли бандни ўчириб қўйинг. Чекишни таклиф этувчиларга қатъий равишда "йўқ” деб айтишни ўрганинг. Бу дўстлар, ҳамкасблар ва бошқа яқин инсонларнинг ҳурматига сазовор қилади, улар ҳам чекишни ташлаш ҳақида ўйлаб қолишади. Тўртинчи маслаҳат: унутмангки, чекишга бўлган жуда кучли эҳтиёж бор-йўғи 3-5 минут сақланади. Бу вақтда ўзингизни бирор юмуш билан чалғитинг, яъни дўстларингизга қўнғироқ қилинг, жисмоний машқ қилиб кўринг, бир стакан сув ёки шарбатни секин ичинг. Бешинчи маслаҳат: чекишни ташлашга ҳаракат қилаётган дастлабки 1-2 ой ичида спиртли ичимликлар ва қаҳва ичмаганингиз маъқул. Демак, чекишга қарши кураш ҳар томонлама бўлиши зарур. Бунинг учун мактабларни, тиббий масканларни, сиҳатгоҳлар ва ишлаб чиқариш муассасаларини "тамаки чекилмайдиган ҳудуд” дея эълон қилиб, у жойларда тамаки савдосини таъқиқлаш лозим. Ресторан, кафе ва барлардан кулдонларни олиб қўйиш, чекиш учун бўлган имкониятни чеклаш ва кашандаларга нисбатан жамоатчилик томонидан салбий муносабат билдирилиши керак. | |
Категория: Qiziqarli malumotlar | Просмотров: 667 | |