10:52:45 Фолга ишонасизми? Қаҳва қуйқасида фол очиш | |
![]() Бугунги кунда жонажон шаҳримизнинг кўпгина жойларида – устунлар, гаражлар, газеталар ва бошқа жойларда «фол очаман», «қаҳвада фол очаман», «тақдирни айтиб бераман», «карма қулфларидан халос этаман» мазмунидаги эълонларни кўриш мумкин. Бўлғуси мижозларга турли буюмлар – қаҳва, қарта (лўлиларники, Таро, Ленорман хонимнинг қарталари ва ҳ.к.), ловия ёрдамида фол очиш ҳамда экстрасенсорлик қобилиятларидан фойдаланган ҳолда одамга умумий ташҳис (тақдир, соғлиқ) қўйиш таклиф этилади. «Фолга ишониш ёки ишонмаслик» анча мунозарали мавзу, одатда бир талай баҳсларни, алданган мижозларнинг норозилигини ёки, аксинча, фол очиш тарафдорларининг шижоат билан ҳимоя қилишини келтириб чиқаради. У хоҳ ўсмирлик пайтида ёстиғи остига кўзгу қўйган ҳолдаги вақтичоғлик бўлсин, хоҳ улғайган пайтдаги қаҳва қуйқасида фол очиш бўлсин, ҳар бир аёл ҳаётида ўртача бир марта фол очтирган. Кўп ҳолларда кишилар шунчаки дўстларига қўшилиб фол очиши мумкин: масалан, дугонангиз фолбинга боряпти, у ўзи билан сизниям етаклади, иккалангиз ҳам чашка деворларидаги қаҳва қуйқаси қолдирган турли нақшлар ёрдамида тақдир пешонангизга нима битганини билиш учун йўл оласизлар. Фолбинларнинг баъзи вакиллари у ёки бу фол тури учун ўз нархларига эга (вазиятнинг мураккаблиги ва мижознинг тўлов қобилиятига қараб), кимдир эса меҳнати учун «ким қанча берсаям» рози. Тошкент бўйича қаҳва қуйқасида бир марта фол очишнинг нархи 5 дан 30 гача шартли бирлик атрофида. Ҳаммаси мижознинг даромад даражаси ва у ёки бу фолбиннинг мақсадли аудиториясига боғлиқ. Чунки уларнинг баъзилари ўзларини «элита учун» мутахассис сифатида кўрсатишади. Натижаларга тўхталадиган бўлсак, статистика бир-бирига тескари. Баъзи бир шахслар ўзлари учун омад ва бойлик дунёсининг эшигини очиб берган қаҳвада фол очишни мақтаб кўкка кўтарсалар, бошқалар уни ёлғон башоратлари учун бундай фолни кескин танқид қиладилар. Ярим йил олдин қаҳвада фол очадиган аёлнинг қабулида бўлган пойтахтимизда истиқомат қилувчи бир аёл Ф. (29 ёш) шундай дейди: «Мен дугонам билан қаҳва қуйқасида фол очтиришга бордим. Биз фол натижасидан қониққан бир танишимизнинг тавсияси билан йўл олдик. Бизни ҳеч қандай сеҳрли жиҳозларсиз оддий квартирада 50-55 ёшлардаги ташқи қиёфаси оддий бир аёл кутиб олди. У ўша пайтда турмушга чиқишга тайёргарлик кўраётган дугонамга никоҳи омадли бўлишини башорат қилди. Аммо, афсуски, унинг никоҳи унчалик омадли бўлгани йўқ. Дугонамнинг эри уни пулдан сиқиб қўйган, ҳатто ишлаб топган пулини ҳам олиб қўяр экан. У ҳозир бахтсиз. Менга эса фолбин хорижга кетишимни ва ўғлим туғилишини башорат қилди. Унинг башорати менга илҳом бағишлаганди, аммо ҳануз у ўнгидан кемаяпти». Бир неча йил олдин қаҳвада фол очувчи фолбинга борган Тошкентда яшовчи яна бир аёл А. (24 ёш) бу ҳақда ўз фикрини билдирди: «Менга башорат қилиб берганларидан 20 фоизи тўғри чиқди. Бу 20 фоиз ҳам ўзимнинг саъй-ҳаракатларим туфайли рўёбга чиқди. Ҳозир мен ҳар хил башоратларга шубҳа билан қарайман, шу боис яна фол очтиришга боришим даргумон». Ва ниҳоят. Руҳшуносларнинг фикрича, фол очиш пайтида айнан психологик омил катта роль ўйнайди. Одам у ёки бу ахборотни олар экан, шуурий тарзда ўзига омад ёки омадсизлик дастурини танлайди. Шунинг учун кўп нарса фолбинга боғлиқ бўлади – агар у сизга олтин тоғлари ва қироллик унвонини ваъда қилмасдан, сизга катта бўлмаса ҳам бўлғуси ютуқларингиз ҳақида гапириб берса, унинг башорати сизнинг хатти-ҳаракатларингизда ижобий роль ўйнаши мумкин. Прикрепления: Rasm 1 | |
Категория: Sayt yangiliklari | Просмотров: 901 | |