menu
person

18:04:04
Кечиринг ва юрагингизни оғир юкдан халос этинг!
«Газетада ёзганларингиз бор гапми? Ростдан ҳам одамлар қўнғироқ қилиб, ҳаётларини сўзлаб берадими ёки воқеаларни ўзларингиз тўқиб ёзасизларми?..» Бу каби саволлар газета аҳлига яхши таниш. Бугун ростдан ҳам бизга қўнғироқ қилиб, ўзларини қийнаётган муаммою ташвишлар, кўнгил сирларини айтиб, маслаҳат олиш, мутахассислар фикрини билиш истагида бўлганлар талайгина. Ёзишимиз учун ҳаётда шунча мисоллар турганида тўқиб ёзишга имкон ҳам бўлмайди…

Биз билан боғланаётган мухлисларимиз орқали турфа тақдирларга гувоҳ бўлаяпмиз. Кимдир газета саҳифасини исм-шарифи чиққанию муаммосига ечим топишга кўмаклашганимиздан хурсанд, яна кимдир ҳеч кимга айтолмай юрган кўнгил кечинмаларини айтиб, юрагини бўшатиб олади. Охирги пайтларда телефон орқали ўзим суҳбатлашган мухлисларимизнинг гаплари бугунги мулоҳазаларимга сабаб бўлди. «Турмуш ўртоғим билан аразлашиб қолдик, охири ўзи узр сўради, қилмишига пушаймон бўлди, кечирайми ёки йўқ?..», «Дугонамдан хафаман, мени ранжитди…», «Бир ҳамкасбим ҳамманинг олдида мени ҳақорат қилди, обрўйимни тўкди… У билан битта ишхонада ишлагим келмаяпти…» Яқинда «Одамлар орасида» рукни муаллифи Наргиза Усанбоева ўз саҳифаси учун қўнғироқ қилаётган мухлисларнинг гапларини ёзиб олаётганида бир киши мен билан гаплашмоқчилигини айтибди. Гўшакни кўтарсам, ёши чамаси қирқлардаги киши деди:

— Руҳшунослар билан бирга ишлайсиз, шунинг учун сизни сўрагандим. Фақат исм-шарифимни газетада чиқармасангиз. Ҳар ҳолда бу аёллар газетаси… Лекин ҳаммабоп яхши, фойдали маслаҳатлар кўп экан, шу сабаб охирги пайтларда мен ҳам газетангизни ўқийдиган бўлганман. Бир куни бир мухлисингизнинг саволига мутахассислар жавоб берган экан. Айни ўша муаммо бизнинг оилада ҳам бор эди. Биз маслаҳатларни ўқиб, ўзимизга тегишли хулосаларни чиқардик, ташвишимиз ариди. Бунинг учун раҳмат!

— Мақсадимиз ҳам шу аслида. Кимнингдир муаммосини шунчаки чоп этмаймиз, яна ким учундир фойдаси бўлар, кимгадир ўрнак, кимгадир сабоқ бўлар деган мақсадда ёзамиз.

— Очиғини айтсам, охирги кунларда на ишимда, на юриш-туришимда халоват бор. Эркак кишиман, бу гапларим сизга ғалати туюлаётгандир. Лекин ҳозир «Суғдиёна»ни, ундаги маслаҳатларни ўқиб туриб, газетангиз кўзимга сирдошдек кўриниб кетди. Қисқаси, энг яқин ошнам билан орамизда гап қочган. У билан болаликдан қалин дўст эдик. Яқинда чойхонада ошна-оғайнилар билан ўтириб, бир-биримизни хафа қилиб қўйдик. Мени ландовурликда айблади, қачондан бери унга ортиқча юк бўлиб келаётганимни, ҳеч бир ишни усиз битира олмаслигимни айтди. Шунча йиллик қадрдонимнинг ичида бунча гап борлигини билмаган эканман, қаттиқ ранжидим. Бир хаёлим «шунчаки айтди-қўйди-да» деса, бир хаёлим «асл башараси энди кўринди», дейди. Дўстлигимиз ҳурмати кечириб юборай дейман-у, ғурурим йўл қўймайди. Бу гапларни бировга айтолмайман. Ҳозир ҳам, яхшиям, телефон бор экан, кўринмайман, бўлмаса айтолмасдим…

Очиғи, эркак кишининг бу «иқрори»дан аввалига бироз ажабландим. Кейин буни табиий ҳол деб қабул қилдим: ахир, эркак кишида ҳам кўнгил бор-ку! Фикримча, бу каби вазиятларда энг тўғри йўл — кечириб юбориш. Биламан, бу ким учундир энг оғир йўл. Лекин кечиримли бўлишда ҳикмат кўп. Аввало юрагингизни оғир юкдан халос этасиз, натижада ўйларингиз тиниқлашади ва жўяли ечим топиш осонлашади. Келинг, бир масални сўзлаб берай, хулосани эса ўзингиз чиқариб оласиз.

Бир пайтлар икки дўст дунё кезибди. Довон ошиб, сув кечиб, охири йўллари саҳрога туташибди. Бир куни улар баҳслашиб қолишибди. Ҳеч муросага келолмай, кутилмаганда бири бошқасининг юзига тарсаки тортиб юборибди. Шапалоқ еган йигит бироз оғриқ сезса-да, индамабди-ю, қум устига ёзибди: «Бугун энг яқин дўстим менга шапалоқ туширди».

Дўстлар йўлда давом этибди. Юриб-юриб, бир воҳага етгач, чўмилиш учун иккиси ҳам ўзини кўлга отибди. Шапалоқ еган йигитнинг чўкиб кетишига бир баҳя қолганида дўсти қутқариб қолибди. Ўлимдан омон қолган йигит ўзига келгач, бир харсангтош ёнига келиб, ёза бошлабди: «Бугун энг яқин дўстим ҳаётимни сақлаб қолди».

Дўсти ҳайрон бўлиб сўрабди:

— Сени ранжитганимда қумга ёзгандинг, энди эса тошга ёзаяпсан. Бунинг сабаби нимада?

Шериги жавоб берибди:

— Қачондир кимдир бизни ранжитса, буни қумга ёзишимиз керак, токи шамоллар ёзганларимизни ўчириб ташласин. Лекин қачондир кимдир бизга яхшилик қилса, буни тошларга муҳрлашимиз керак, токи ҳар қандай кучли шамол ҳам ўчириб ташлолмасин!

Хуллас, хафагарчиликларни қумга ёзишни, қувончларни тошга муҳрлашни ўрганайлик! Шунда яшаш яна-да енгил ва қувончли бўлади!

Maxmud Oxundedayev

“Суғдиёна” газетаси

Манба: doda.sheriyat.uz
Категория: Qiziqarli malumotlar | Просмотров: 428 | Добавил: Maxmud
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]