menu
person

18:01:05
Шохруҳхон ҳаётидаги сирли 4 ликлар
“Суғдиёна” газетасида “Профессионал интервью” номли рукн ўз фаолиятини бошлаганидан бохабар қилгандик. Лойиҳамизнинг бу галги бошловчиси жамоатчи мухбиримиз

Назира ИНОЯТОВА: — Рақамли технологиялар даврида яшаяпмиз ва гарчи профессионал мақомига эга бўлса ҳам газетадаги оддий бир интервью ўқувчини ҳайратлантириши амри маҳол. Аммо бугунги интервьюмиз замонга яраша, яъни рақамли интервью бўлади. Рақамлар ичра эса 4 га диққатимни қаратдим. Нега дейсизми? Чунки жуда кўп ҳаётий ҳолату вазиятлар айнан шу рақам билан боғлиқ. Мисол учун, дунёмиз 4 томонга қулоч ёзган: шарқ, ғарб, шимол ва жануб. Жумлаи оламда 4 та жисм устун: ер, сув, олов ва ҳаво. Ҳаётимиз 4 босқичга бўлинади: болалик, ўспиринлик, ёшлик ва қарилик. Табиатнинг 4 фасли мукаммал: баҳор, ёз, куз ва қиш. Кун ҳам 4 қисм оралиғида якун топади: тун, тонг, кундуз, оқшом. Интервьюмизга қайтадиган бўлсак, у ўзи нимаси билан қизиқ бўлиши мумкин? Бугун биз ижоди дард сувини ичиб турадиган хонанда Шохруҳхоннинг севимли 4 макони ва ҳаётидаги бошқа 4 ликлар ҳақида суҳбатлашамиз.

«Дунёда фақат санъаткорлар бор экан!»

Асосан 4 фазилат соҳиби бўлмиш Шохруҳхон Сабрли, Босиқ, Камтар ва Камгап. 1985 йил 29 май куни Алишер Йўлдошев ва Зебо Наврўзова оиласида туғилган тўнғич фарзандга «санъатнинг шоҳи бўлсин», дея Шохруҳ исми қўйилган кезлари онаси Театр ва рассомчилик институти талабаси эди. Тақдир тақозоси билан Шохруҳни Театр ва рассомчилик институтига 4 нарса боғлаб туради: у шу атрофда туғилди, йиллар оша шу даргоҳда ўқиди, мана шу томонларда шахсий студия ташкил этди ва худди шу мавзеда истиқомат қилиб келмоқда. Ён-атрофдаги қўшниларнинг кўпи санъаткор бўлгани учун болалигида унинг «дунёда фақат санъаткорлар бор экан!» дея фикрлаши табиий эди. Тўғри-да, Шохруҳ кичкиналигидан санъат оламида.

«Уларга ҳавас қиламан!»

Бугунги санъат оламида порлаган юлдузларга назар солар экан, киноактёрлар ичра қуйидаги 4-ликни ҳавас билан эътироф этади: энг яхши кўрган 4 та киноактёр сирасига Аль Пачино, Антонио Бандерас, Леонардо Ди Каприо ва Ражаб Адашев киради. Аёллар ичра 4 лик эса мана бундай кўринишда: Моника Белуччи, Жулия Робертс, Вупи Голдберг ва Зуҳра Солиева. Уларнинг ижросини Шохруҳхон «ҳаётий» дея таърифлайди.

Ҳолат ва макон

Ёш истеъдод ҳақида ёзмоқликка жазм қилган эканмиз, албатта, у билан боғлиқ ҳаётий янгиликларни олға суришга интилдик. Демак, ҳаётида энг яхши кўрган 4 та табиат ҳолатлари: баҳор ёмғири, қишнинг қори, ёмғирдан сўнг осмонни қоплаган булут (агар орасидан қуёш чиқса, хаёл сурганча томоша қилиб, улар орасига кириб кетиши ҳеч гап эмас) ва тонг саҳардаги шаҳар. Севимли шаҳарлари ҳақида гап кетар экан, Шохруҳхонинг яхши кўрган 4 шаҳри: Тошкент, Москва, Париж, Венеция. Тўғри, ҳали ҳаммасида бўлмаган, аммо романтикага тўла шаҳарни севиш учун уни аввалдан кўриш шарт эмас-ку, қалбан ҳис этса бўлади. Тошкентнинг ўзида эса 4 макон йигитчанинг қалбига яқин ва қадрли: «Олимпия» мажмуаси, Lexus автомашинаси салони, Амир Темур хиёбони, Сайилгоҳ кўчаси.

1-макон: Lexus

Шохруҳхон билан Тошкент узра сайр этишга отланган эканмиз, оппоқина Lexusда «Олимпия» томон йўл олдик. «Машинамнинг ичида соатлаб ўтиришим мумкин. Кўнгил хотиржам шу ерда. Худди ўз уйимга ўхшайди», дейди хонанда. Ҳа-я, унинг севимли 4 машинаси: Lexus, BMW, Porsche Cayenne, Audi.

2-макон: «Олимпия»

Ц-5 мавзеидаги «Олимпия» мажмуаси. Нега бу ер, деган саволга Шохруҳхон: «ўзимни яхши ҳис қиламан шу ерда. Кечқурун ёмғир ёғса, катта соябон остида... чўпонга ўралиб олганча, ёмғир томчиларини томоша қилиб ўтираман. Мазза! Тоза ҳавода режа тузиб, хаёл суриб, ўйланиб ўтиришга нима етсин? Дарвоқе, бу ернинг музқаймоғи ширин, аммо унинг учун эмас, фақат жой учун келаман. Бундайин сокин жой йўқ Тошкентда...», дея жавоб қилди. Романтик! Бундай хулосага сиз ҳам келасиз, қачонки Шохруҳхоннинг севимли ранглари ҳақида билиб олсангиз. Унинг 4 та севимли ранги: оқ, қора, яшил, сариқ. «Олимпия»нинг музқаймоғи иштаҳани очди. Табиийки, ҳали уйланмаган йигитчанинг кўзини қувонтирадиган, димоғини қитиқлайдиган ва охир-оқибат ошқозонини хурсанд қиладиган таомлар ҳақида гап очдик. Қизлар, ёзиб олинг. Шохруҳхон севиб тановул қиладиган 4 таом: шўрва (аслида шунинг ўзини тўрт марта танлаган бўларди), боршч, окрошка, минестрони (сабзавотли таом). Қорин тўйди, ғам кетди. Эндиликда ҳаво мавжларидан ёқимли бир сас бўлиб таралаётган Shade хонишига маҳлиё бўлдик. У маҳлиё, биз эса кузатдик.

Кўзларида ғам, овозида ҳазинлик…

Унга четдан разм солсангиз, гўёки руҳан қийналган инсонга ўхшаш. Кўзларида мунг, ғам бор. Шохруҳхоннинг «Ярим бахт» киносидаги ўйинини кўриб, «Ромео ва Жульетта» фильми режиссёри «шу боланинг кўзлари ёқди» дея кинога таклиф қилган экан. Ўзи шунақа тоифа санъаткорлар бор: дейлик, энг шўх қўшиғини куйласа ҳам, овозидан ҳазинлик, ғамгинлик кетмайди. Шохруҳхон мухлисининг ғашига тегмайдиган, ҳалал бермайдиган, кайфиятни кўтаргувчи қўшиқлар куйлашга ҳаракат қилади. Ва мухлисларидан бири унга қарата фикр билдирди: «самимий ва кўнгли тозага ўхшади. У ҳалиям болалигида юрибди ва бу ўзига ярашади. Доимо шундайлигича қолсин!»

Орзулар ушалди, энди эса…

Меҳрибон, кўнгли очиқ, романтик ва хаёлпараст Шохруҳхон. Ўйлаган ниятларига эришгани борасида мулоҳаза қилаётган Шохруҳхон барча орзулари амалга ошганини маълум этди. Энг катта орзуларидан бири онасига «шу болани тарбия қилганингиз учун раҳмат», дейишлари бўлса, яна бири кўчада нотаниш инсон ёнига келиб, «сиз куйлаган ашула менга жудаям ёқади» дейиши орзуси бўлган эди. Шунингдек, қўшиқларига яралган видеоклиплар намойиш этилишини, кинода суратга тушишни ҳам астойдил орзу қилган экан. «Ана энди янги орзуларни ишлаб чиқариш устида жиддий иш олиб бораяпман», дея ҳазиллашди хонанда.

«Ҳали ҳаммаси олдинда!»

Шиддат билан суратга олаётган сураткашимизга қараб Шохруҳхон деди: «Камера олдида ўзимни ноқулай ҳис қиламан. Ғашимга тегади. Йўқ, бу уялиш эмас, аллақандай бошқача туйғу... Билмайман...» Дарвоқе, «билмайман» сўзи Шохруҳхон энг кўп такрорлайдиган 4 жумла сирасига ҳам киради: «билмайман», «нима қиламиз?», «кўп ўйлама», «ҳали ҳаммаси олдинда!» Олдинда эса хонанданинг энг яхши кўрган 4 кинофильми: «Malena» (реж. Жузеппе Сульфаро), «Angel-А» (реж. Люк Бессон), «Memoirs of a Geisha» (реж. Роб Маршалл), «Black» (реж. Санжай Лилла Бхансали).

Актёрлик ва хонандалик. Қай бири яқин?

Шохруҳхоннинг диди «оммавий, замонавий» эмаслигини пайқаган бўлсангиз керак? Болалигидан «санъат» қозонида қайнайвериб, аллақачон ўзига хос стандартларни белгилаб олган. Ҳам актёр, ҳам хонанда. «Қай бири яқинроқ?» деган саволга Шохруҳхон «иккинчиси» дея қатъий жавоб қайтаради. Актёрликнинг имкониятлари кенг, буни тан олади. Шунга қарамай, ҳаётини мусиқасиз умуман тасаввур этолмайди. «Ҳатто қаттиқ жаҳлимни чиқаришса ҳам студияга бориб, бирон янги ашула ёзаман. Шунда бор ғуборларим чиқиб кетади. Қўшиқ эшитсам, кайфиятим кўтарилади», дейди. Ундан-да афзалроғи, севимли мусиқани тинглаш экан. Шохруҳхон ёқтирган 4 эркак хонанда: Карлос Сантана, Крейг Дэвид, Майкл Жексон, Таркан. Энг яхши кўрган 4 аёл хонанда: Севара Назархон, Лара Фабиан, Уитни Хьюстон, Шакира.

3 ва 4-макон: Амир Темур хиёбони ва Сайилгоҳ

Шакиранинг шўх қўшиғи ҳамроҳлигида Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган Амир Темур хиёбони ва ёнгинасидаги Сайилгоҳга етиб келдик. «Бу ерда мени йил ўн икки ой топиш мумкин: қишми, ёзми, ҳар қанақа мавсум, об-ҳаво ва кайфиятда мана шу майдонда ўйга толишни ёқтираман. Фаввораларни эса ҳув анави томонда кўриб келамиз, кетдик!» дея қўл силтади Шохруҳхон. Ҳа, бу бола билан саёҳат қилиш жуда завқли экан. Афсус, сафаримиз ҳам қариди.

Дарвоқе, ушбу лойиҳамиз ҳам 4-ҳокимият ҳисобланмиш оммавий ахборот воситаларининг бирида чоп этилди. Хуллас, истасангиз, ҳар недан мана бу 4ликни топиш мумкин: яхшилик, эзгулик, ёруғлик ва мурувват. Истак бўлса, бўлгани!

Maxmud Oxundedayev Tayorladi

Манба: doda.sheriyat.uz
Категория: Shou-Biznes | Просмотров: 444 | Добавил: Maxmud
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]