menu
person

20:50:20
Темур Ҳакимов: Мен оддий боламан
Ўзбекистон “Иқтидорлар мамлакати”
деб таърифланади.
Ҳақиқатдан ҳам
юртимиз
ҳар соҳа бўйича етук кадрларни етиштириб беришда юқори ўринларда туради. Айниқса, спорт соҳасида, ҳусусан, футболда Ўзбекистондан етишиб чиқаётган маҳорат эгалари жаҳон бўйлаб мамлакатимиз довруғини кенг миқёсда ёйишмоқда. Хабарингиз бор, яқинда Мексика яшил майдонларида 17 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда Алексей Евстафеев устозлик қилган ўзбекистонлик ўсмирлар жаҳоннинг кучли саккиз мамлакати қаторига киришиб, юртимиз шарафини муносиб ҳимоя
қилишди. Турнир давомида Тимур Ҳакимов, Жавлон Мирабдуллаев, Аббосбек Махсталиев, Бобур Давлатов каби футболчиларимиз
мухлис-у мутахассислар меҳрини қозона олишди. Газетамизнинг бугунги меҳмони — терма жамоамизнинг ёқимтойи, етакчиси ва тўпурар ҳужумчиси Тимур Ҳакимов. — Аввало спортнинг футбол турига кириб келишингиз ҳақида сўзлаб берсангиз? — Адашмасам беш ёшда эдим. Маҳаллада ўртоқларим билан тўп тепиб, кўча чангитиб юрардик. Мендаги қизиқишни пайқаган бувам мунтазам шуғулланиш учун футбол мактабига олиб борди. Ўшандаёқ Алексей Евстафеевнинг қўлига тушдим ва машғулотларга киришдим. Бошида асосий таркибга кира олмасдим. Кўп ҳолларда захирада қолиб кетганим учун хафа бўлардим. Мураббийлар ва уйдагиларим асосий таркибга кириш учун кўп меҳнат қилиш кераклигини тушунтиришарди. — Демак, омадингиз футболни танлаган кунингизданоқ
бошланган экан-да! — Ҳа, Алексей Евстафеев қўл остида шуғулланишни бошлаганим менинг футболдаги биринчи омадим эди. — Балки сизда ўша кезлари спортнинг бошқа турлари билан шуғулланишга қизиқиш ёки хоҳиш ҳам бўлгандир... — Ёшлигимда учувчи бўламан деб юрардим. Бундай орзулар ҳар бир болада бўлади. 6-7 ёшда эса ўз қизиқишимни ва келажакдаги соҳамни аниқлаб олганман: футболни танлаганман ва, ўйлайманки, бу қарорим тўғри бўлган. — Нонингиз футболдалигини неча ёшингиздан сеза бошлагансиз? — 10 ёшларимда. Айнан шу ёшга тўлганимда шаҳар чемпионатида ўйнай бошлаганман. Унгача тинмай меҳнат қилиб, асосий таркибдан муқим жой олиб бўлгандим. Мураббийимнинг кўрсатмаларини шаҳар чемпионати доирасидаги учрашувларда тўлиқ бажарардим, кетма-кет голлар урардим. Ана шунда футбол орқали оила боқишимни тушуниб етганман. — Футболни қайси амплуада бошлагансиз? — Тез югурардим, алдамчи ҳаракатларим бор бўлгани учун ҳам Алексей Владимирович мени ҳужумчи
сифатида шакллантира бошлаган. — Бошқа позицияда ҳам ўйнай оласизми? — Ҳужумдан ташқари чап қанот ярим ҳимоясида ва марказда ўйнай оламан. Бир сафар Дубайдаги йиғинимиз чоғида чап қанот ҳимоячиси вазифасини ҳам бажаришга тўғри келганди. — Қандайдир қийинчилик оқибатида “Бўлди, бошқа футболга бормайман” деган ўй- хаёллар ҳам бўлганми? — Йўқ, адашмасам бунақа фикрлар кузатилмаган. Чунки уйдагиларим барча шароитларни яратиб беришган. Мағлубиятга учраган кунларимизда мураббийимиз далда берарди. “Бўлди, ўтган ўйин ортда қолди. Уни бошқа эслаш керак эмас, навбатдагисига тайёрланиш керак”, дердилар. — Осиё чемпионатидаги ширин хотираларни унутиб юбормадингизми? — Нега унутарканман?! Ахир ушбу Осиё чемпионати мени ва бошқа жамоадошларимни машҳур қилди-ку! — Ўша турнирда Сизларга қўйилган вазифа турнирнинг ярим финалига чиқиш эди. Бироқ Евстафеев бошчилигида финалга қадар етиб бординглар. Ўша пайтдаги муваффақиятнинг бош омили нимада бўлганди? — Авваламбор ҳамжиҳатлигимизда!
Раҳбарларимиз ва мураббийларимиз юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишимизни бизга тинмай уқтиришарди. Шунингдек, мухлисларнинг меҳрини қозониш жудаям зарурлигини
таъкидлашарди. Очиғини айтсам, Осиё чемпионатида биз рақибларимиздан бир киши кўп бўлиб ўйнаганмиз.
Яъни, бизга далда бўлувчи, олдинга чорловчи ашаддий ишқибоз мухлисларга эга эдик. — Осиё ва Жаҳон чемпионати оралиғида олти ойдан ошиқ вақт ўтди. Шу оралиқда нима билан машғул бўлдинглар? — Тошкентда ўтган қитъа чемпионатидан кейин маълум вақт давомида ҳамма ўз ҳолича ҳордиқ чиқарди. Кейинчалик, барчамиз йиғилдик ва машғулотлар бошлаб юборилди. Тошкентда, Туркияда ва Англияда йиғинлар ташкил этилди. — Афсуски, кутилмаганда жароҳат олдингиз... — Ҳа, оёғимни синдириб олдим ва маълум вақт гипсда юришга тўғри келди. — Ўшанда яна яшил майдонга қайтишингизга ишонармидингиз? — Ҳа, менинг иродам кучли. Шу боис сафга қўшилишимга кўзим етарди. — Жамоадошларингиз қаторига
қўшилишингизда кимдир Сизга қўшимча далда бўлиб турдими? — Ҳа, деярли ҳамма мени қўллаб-қувватлади. Жамоага кераклигимни ва тезроқ соғайишимни айтишди. Худога шукрки, жароҳатлар ортда қолиб, яна тўп тепа бошладим. Жамоамизнинг йиғинларига анча кеч қўшилган бўлсам-да, мураббийлар менга алоҳида кўрсатмалар орқали тўлиқ таркибга етиб олишимга кўмак беришди. Бунинг учун барчаларига ташаккур айтаман. — Осиё чемпионатининг энг яхши ўйинчиси бўлганингиздан сўнг атрофингиздагиларнинг
муносабати ўзгардими? — Ўзгарувчан инсонлар ҳам бор. Илгари менга яхши гапирмаган одамлар атрофимда гирдикапалак бўла бошлашди. Лекин шахсан мен ҳар қандай ҳолатда ҳам барчага бирдек муносабатда бўлдим. Чунки ёшлигимда уйдагиларим шундай тарбия қилишган. — Ўшанда юлдузлик касаллигига
чалинмаганмисиз? — Йўқ-йўқ! Менда бундай касаллик бўлмаган. Ишонмасангиз,
яқинларимдан сўранг. Машҳур бўлган бўлсам-да, ҳеч кимга муносабатим ўзгармаган. Мен оддий инсонман. — Максим Шацких, Сервер Жепаров ва Одил Аҳмедов сингари мамлакатимиз футболи юлдузлари ўз машҳурликларига 22-24 ёшларида эга бўлишди. Лекин сиз 16-17 ёшингиздаёқ номингизни кенг оммага ёйиб улгурдингиз... — Аввало шу обрўни қозонганимиз учун Яратган эгамга шукроналар айтаман. Бундай нуфузни ушлашни билиш керак. Шунча йиллик меҳнатимиз орқали топган машҳурлигингизни биргина ҳаракат билан йўқотиб қўйишингиз ҳеч гап эмас. Шу боис фақат олдинга интилиш
керак. Қисқа қилиб айтадиган бўлсам, илгари Жепаров, Аҳмедов каби ўйинчиларга қараб интилган бўлсак, энди жаҳон юлдузлари томон талпинишимиз лозим деб ўйлайман. Туркиядаги йиғинимиз чоғида Одил Аҳмедов билан суҳбатлашган эдим. Улар ўз маслаҳатларини бериб, Ватан жамоасини муносиб ҳимоя қилишимиз лозимлигини таъкидлаганди. — Ундай бўлса айтинг-чи,
қайси жаҳон юлдузига қараб интилмоқчисиз? — Криштиану Роналдунинг ҳаракатлари ёқади. Шунингдек, Андрей Аршавиннинг бетакрор ўйинлари ва дриблингларига беш кетаман. — Бўйингизнинг пастлиги
айрим ҳолларда панд бериб қўймайдими? — Йўқ, аксинча зўр-ку! Ҳозир бўйи паст ўйинчиларнинг даври (кулади). Иккала оёғимда ҳам бирдек тўп тепа оламан. Футболчи учун иккинчи қаватдаги курашлар ҳам ўта муҳим ҳисобланади. Бўйим паст бўлса-да, яхши сакрай оламан. — Мексикадаги жаҳон чемпионати шахсан Сизга нима берди? — Бу турнир футболчи учун
энг юқори чўққидаги мусобақа ҳисобланади. Аввало жаҳон чемпионатига чиқишнинг ўзи катта бахт. Унда муваффақиятли иштирок этиш эса олдинга ташланадиган дадил қадамдир. Биринчи навбатда нафақат ўзим, балки бошқа жамоадошларим ҳам катта тажриба орттиришди. — Илк ўйиндаги муваффақиятсизликни
нима билан изоҳлаган бўлардингиз? — Ростини айтсам, Янги Зеландия термасига қандай қилиб 4:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйганимизни ҳалигача тушуна олмайман. Мағлубиятдан сўнг ўзимизни
йўқотиб қўймадик. Мураббийлар қисқа вақт ичида бизни руҳлантиришди ва кейинги ўйинга яхши тайёрлашди. АҚШдек мамлакатни доғда қолдирганимиз, Чехия устидан ғалабага эришганимиз ва кейинчалик Австралия термасини шармандали ҳисобда ютганимиз бир умр хотирамда муҳрланиб қолади. — Янги Зеландия билан ўйинда термамиз етакчилари Сардор Раҳмонов ва Аббос Махсталиевнинг йўқлиги ўз таъсирини ўтказди деб ўйлайсизми? — Албатта, бу икки шеригимнинг майдонга туша олмагани ҳам катта таъсир кўрсатмай қолмади. Жамоамиз лидерларидан бири бу – Аббос! Унинг марказдаги ҳатти- ҳаракатлари Янги Зеландия билан ўйинда бизга етишмади. Яширмайман, ҳимояда Жавлон Мирабдуллаев ва Сардор Раҳмонов, марказда Аббос Махсталиев олдинги чизиқда мен жамоамизнинг ҳақиқий етакчиларимиз. Ҳаммамиз майдонда бўлсак, ўйинимиз очилади. Биронтамиз бўлмасак, боғловчилигимиз ҳам йўқолади. — Бир нарса бизни лол қолдирди. Яъни учрашувлар олдидан мамлакатимиз
мадҳиясини бутун жамоа бўлиб, баланд овозда куйлаш орқали ватанпарварлик ҳислари ўсмирларимизда
қанчалик кучли эканлигини исботлаб бердинглар... — Ўзбекистон бизнинг уйимиз, Ватанимиз! Шу юртда туғилиб, вояга етдик. Ватанимизни севмаслик катта гуноҳ! Мадҳияга келадиган бўлсак, қанчалик баланд овозга куйласак ўйинимиз ва руҳиятимиз шунчалик ортади. — Уругвай билан ўйинда жамоамизнинг жисмоний ҳолати кучсизлиги билинмадими? — Биласиз, гуруҳ босқичини ҳамда нимчорак финал учрашувини Торреон шаҳрида ўтказдик. Узоқ вақт ушбу шаҳарда истиқомат қилиб, унинг муҳитига мослашиб қолгандик. Чорак финалда эса бошқа шаҳарга кўчиб ўтдик. Ўйлашимча, муҳитнинг алмашиши ҳам бизга ўз тасъсирини ўтказмай қолмади. — Мексикадаги турнир мобайнида энг ажойиб мухлислар айнан бизда бўлди. Шундай эмасми? — Ҳа, тўғри айтдингиз. У ердаги ишқибозлар ўзбекистонликларга
ўхшашмаса-да, жуда чиройли ва гуруҳлашган ҳолда бизни қўллаб- қувватлаб туришди. Мексикадаги
мухлисларимизнинг ёрдами натижаларимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатди деб ўйлайман. Ҳеч бир жамоада Ўзбекистонга мухлислик қилишганидек далда бўлмади. Бунинг учун уларга миннатдорчилик билдириб қоламан. — Нима деб ўйлайсиз, мексикалик ишқибозлар нега айнан Ўзбекистонни танлашди? — Ҳайронман. Ўйлашимча, биринчи турдаги кутилмаган мағлубиятимиздан сўнг бизнинг имкониятимиз юқорилигига мексикалик ишқибозларимиз ҳам ишонишди шекилли. Қайтага мағлубиятдан сўнг уларнинг қўллаб- қувватлашлари янада кучайди. -— Эшитишимизга қараганда,
учрашувлардан сўнг кўплаб
жамоадошларингизни,
айниқса сизни мексикалик қизлар яхши маънода кўп бора безовта қилишган. Суратларга тушиш, дастҳат қўйдиришдан ташқари, яна мунтазам кузатиб юришгани ҳам ростми? — Нимасини айтасиз? Меҳмонхона ёнида пойлаб туришарди. Кўринишимиз биланоқ бизни тинч қўйишмасди. Ҳатто мексикалик бир қиз мени севиб ҳам қолганди. — Умуман Мексика-2011 нимаси билан ёдда қолди? — Ҳурсандчиликлар! Айниқса, АҚШни ютганимиздан кейинги байрам ҳали-ҳамон ёдим-да! — Нима деб ўйлайсиз 16-17 ёшли болалар учун 90 дақиқа катта майдонда
тўп тепиш оғирлик қилмайдими? — Биз ўрганганмиз ва шунга тайёрланганмиз. Ҳеч қандай оғирлик бўлгани йўқ. Бу ФИФА талаби ва ундан қочиб қутила олмаймиз. Европада 40 дақиқадан ўйнашади. Кўриб турганингиздек, кўҳна қитъа
клубларига бу таъсир кўрсатиб, улар ҳал қилувчи паллаларга чиқа олишмади. — Осиё чемпионатида финалга чиқдик. Жаҳон чемпионатида чорак финалда тўхтадик. Айтоқчиманки, ўсиш бўляпти. Ушбу савияни давом эттириш учун хорижга йўл олиш энг мақбул йўл эмасми? — Тўғри айтгандиз, савияли клубларга йўл олишимиз керак деб ўйлайман. Қанчалик юқори миқиёсдаги учрашувларда иштирок этсак, кейинчалик миллий терма жамоамизга фойдали бўлади. — Демак, хориждан таклифлар бўлса кўриб чиқишга тайёрсиз? — Ҳозир бирон нима деёлмайман-у, аммо кетишим керак деб ўйлайман. — Жаҳон чемпионатидан сўнг кўча-кўйда мухлислар таниб қолишяптими? — Бу нарса Осиё чемпионатидан кейин бошланган эди. Мексикадан қайтиб келганимиздан кейин эса икки баробар кучайди. Ўзбекистон халқига кичик бўлса-да қувонч улаша олдик. Улар биз билан фахрланишяпти. Шу боисдан ҳам олдимизга келишиб, дастхат сўрашади ёки расмга тушишни исташяпти. Бу ҳолат кимгадир ёқар, кимгадир ёқмас... Аммо машҳур футболчида бўладиган жиҳат. Ўз меҳнатларимизни айнан шу инсонлар орқали билиб оляпмиз, десам бўлаверади. — Мамлакатимиз Президенти томонидан меҳнатларингиз муносиб баҳоланиб, “Спарк” автомобили билан мукофотландингиз... — Муҳтарам юртдошимизга алоҳида миннатдорчилик
билдираман. Очиғини айтсам, кутилмаган совға бўлди. Президентимизнинг
футболга шунчалик эътибор қаратгани бизни қувонтирди. Ўйлайманки, бу эътибор келажакда бизга қўшимча куч-ғайрат беради. — Янги автомобилни ким ҳайдайди? — Ростини айтсам, ҳали ўйлаб кўрганим йўқ. — Футболдан ташқари бўш вақтларингизни қандай ўтказасиз? — Бўш бўлдим дегунча, маҳалладаги ўртоқларим ва севган қизим ёнига ошиқаман. — Севган қизингизни ошкор қила оласизми? — Албатта, ҳеч кимдан уяладиган жойим йўқ. Севара исмли қиз билан бир- биримизни севамиз! — Қандай таомларни ёқтирасиз? — Кўриб турганингиздек, бўйимга қараганда вазним бироз оғирроқ. Шундан билаверингки, ширинликка жудаям ўчман. — Қайси клубда ўйнашни орзу қиласиз? — “Манчестер Юнайтед” клуби билан Европа Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишни орзу қиламан. — Мураббийлардан-чи? — Мен учун дунёдаги энг зўр мураббий — Алексей Евстафеев ва Аҳмаджон Мусаевлардир. — Мазмунли суҳбат учун ташаккур. Келгуси ишларингизга омад ва зафарлар тилаб коламан. — Раҳмат Тўлиқ исми: Тимур Ҳакимов Туғилган санаси: 23.08.1994 Туғилган жойи: Тошкент шаҳри Бўйи: 169 см Клуби:
“Пахтакор” (Тошкент) Амплуаси: Ҳужум-чи Эришган ютуқлари: Осиё чемпионати U-16 кумуш медаллари соҳиби. Ушбу Осиё чемпионатининг энг яхши футболчиси
Прикрепления: Rasm 1
Категория: Sport olami | Просмотров: 460 | Добавил: EDDI | Теги: www.fakultet.uz
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]